ИЖТИМОИЙ-ГУМАНИТАР ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШДА АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

inov

Copyighrt © 2011 В.С. Ҳамидов, Р.А. Алимуҳамедов

Маълумки, ижтимоий-гуманитар фанлардан маъруза ва амалий машғулотларни монолог тарзида олиб бориш ҳозирги кунда эскириб қолган услуб ҳисобланади. Жумладан, адабиёт, чет тили(инглиз, форс, араб ва б.) фанларини замонавий педагогик технологиялар асосида талабаларга ўқитиш давр талаби бўлиб қолди. Шу сабабли, биз ҳозирги кунда юқорида келтирилган фанларни ўқитишда қандай янги педагогик технологиялардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларимиз, тавсияларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.
Таълим тизимига компьютер технологияларининг кириб келиши барча соҳалардаги қийинчиликларни ечиш имкониятини берди, хусусан гуманитар фанларни ўқитишда талаба ёшларнинг билим даражаларини оширишга хизмат қиладиган кучли педагогик қуролга айланди.

Ижтимоий гуманитар фанлар ўқитиладиган таълим муассасаларда айрим фанлардан ўқув адабиётларнинг камлиги ўзига хос муаммоларни келтириб чиқаради. Бу муаммоларни компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив ўқув электрон версияларини яратиш билан ҳал қилиш мумкин. Бу электрон версияларни Интернет тармоғига киритиб қўйилса, ҳамма талаба ўқувчилар бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бизда мавжуд бўлган кўпгина ўқув адабиётларни интерактив муҳитда, мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда яратсак, талабанинг фанга бўлган қизиқиши, ўзлаштириши янада ошишини тажриба кўрсатиб келмоқда. Мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда яратилган электрон ўқув адабиётлари деганда биз қуйидагиларни назарда тутганмиз: Масалан, Алишер Навоий ғазалларига оид мавзуда, асосий саҳифада Алишер Навойи ҳазратлари ҳақида қисқа маълумотларига, ғазалга оид миниатюраларига, видео роликларига, mp3 форматидаги ғазалларига, ғазалнинг электрон луғат тафсирига гипермурожаатлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Мавзу якунида эса интерактив тарзда яратилган тест орқали талаба бу мавзудан олган билимларини текшириши мумкин бўлади.
Ижтимоий гуманитар фан ўқитувчилари маърузанинг конференция услубидан фойдаланишлари мумкин. Бунга кўра, ўқитувчи адабиёт фани ўқув дастуридаги айрим мавзуларни аввалдан танлаб, шу мавзу – режаси, таянч сўзлари ва адабиётлар рўйхатини ёздириб, талабаларга уйга вазифа қилиб беради. Бир – икки ўқув ҳафтасидан сўнг, шу фандан бўладиган амалий (семинар) машғулотлари давомида нутқ маданиятига эга бўлган, тафаккур доираси кенг, фаол талабалардан танлаб олиб, ўқитувчи уларга алоҳида методик кўрсатмалар ва маслаҳатлар берган ҳолда вазифа топширади. Қолган талабалар ҳам навбатдаги маъруза мавзусини мустақил ўзлаштириб келишлари ва улар ҳам маъруза жараёнида фаол иштирок этишлари лозимлиги ўқитувчи томонидан алоҳида уқтирилади. Бу турдаги дарсларни ўтказиш учун ахборот ресурслари, компьютер, проектор, сканер (мураккаб схемалар ва чизмаларни, негатив плёнкадаги тасвирларни компьютерга ўтказиш учун) каби замонавий ахборот технологиялари бўлиши керак.
Конференция усулидаги маърузани аввал ўқитувчи қисқача кириш сўзи билан бошлаб беради. Аввалги ўтилган маъруза билан янги мавзу ўртасида ғоявий – назарий боғланиш бўлишига ўқитувчи алоҳида эътиборини қаратиши лозим. Сўнгра ўқитувчи муайян мавзу режаси асосида олдиндан тақсимланган масалалар муҳокамасига талабаларни жалб қилади. Талаба минбарга чиқиб, ўзига ажратилган масала юзасидан маъруза қилади. Маъруза тугагач, савол – жавоб ўтказилиши фойдадан ҳоли эмас. Бу жараёнда «тингловчи» талабалар ҳам фаол иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Муҳокама қилинган масала юзасидан ўқитувчи хулосалар чиқариши, муҳокама жараёнида талабалар назаридан четда қолган ва ёритилмаган масалаларни ёритиб, тўлиқ баён қилиб бериши лозим. Шу тариқа маъруза режасидаги масалалар бирин – кетин муҳокама қилинади.
Муҳокама сўнгида ўқитувчи умумий, якуний хулосалар чиқариши, илмий – назарий жиҳатдан пухта маъруза қилган ва масалалар муҳокамасида фаол иштирок этган талабаларни алоҳида таъкидлаб, уларни маънавий рағбатлантириши мақсадга мувофиқ. Бу каби амалий машғулотларда ўқитувчи навбатма – навбат иқтидорли талабаларга «ўқитувчилик» вазифасини топширади. Бунга кўра, аввалдан тайинланган, «педагогик кўрсатмалар» берилган бир талаба доскага чиқиб, амалий машғулотларни олиб боради, Ўқитувчи эса, бир чеккада машғулот жараёнини кузатиб, назорат қилиб ўтиради. Доскага чиққан «талаба – ўқитувчи» ўз устозининг вазифасини тўла равишда бажаради. Берилган семинар машғулотининг мавзуси муайян режа асосида муҳокама қилинади. Ўзига берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда «талаба – ўқитувчи» масалалар муҳокамасида иштирок этган талаба (ҳамкурс)ларнинг билимини ўзича баҳолайди ва натижаларини эълон қилиб боради. Муҳокама жараёнида барча талабаларнинг фаол иштирокини таъминлашга «талаба – ўқитувчи» ҳаракат қилиши лозим.
Машғулот якунига 15 – 20 минут қолганда, ўқитувчи ўрнидан туриб, семинар мавзусида ёритилмай қолган масалаларни батафсил ёритиб, тушунтириб беради. Сўнгра у бугунги машғулотда ўқитувчилик қилган талабанинг фаолиятини қисқача таҳлил қилиб беради. Методик жиҳатдан пухта ташкил этилган ва ўтказилган конференция усулидаги маъруза ёки бахс – мунозара тарзида олиб бориладиган амалий машғулотлар қуйидаги бир қатор афзалликларга эга:
биринчидан, аввал анъанага айланган монолог (ўқитувчи маъруза қиладиган ва талаба фақат тинглайдиган) усулига барҳам берилади;
иккинчидан, ўқувчи сифатида минбарга чиқиб маъруза қилаётган ёки амалий машғулотни олиб бораётган талабада ўз билими ва интеллектуал салоҳиятига қатъий ишонч уйғотилади;
учинчидан, ўқитувчининг талабаларга кўрсатган бу ишончи уларда масъулиятни ҳис этиш туйғусини шакллантиради, мустақил фикрлашга ўргатади ва ўз устиларида янада жиддий ишлаш кўникмаларини ҳосил қилади;
тўртинчидан, маърузанинг конференция усулида ташкил этилиши ва ўтказилиши талабаларда катта қизиқиш уйғотади;
бешинчидан, маъруза жараёнида талабаларнинг ўзлари ўқитишнинг янги техник воситаларидан фойдаланишлари машғулотнинг назарий ва амалий жиҳатдан юқори савияда ўтишига омил бўлади;
олтинчидан, айниқса, касб – ҳунар йўналишида таълим олаётган бўлажак муҳандис – педагог кадрларни тайёрлашда бу янги пед технология катта самара беради, талабаларда педагогик билим ва маҳорат кўникмаларини шакллантиради;
еттинчидан, дарсдан барча талабалар мавзу ҳақида бирмунча кенг тасаввурга эга бўладилар. Бунда орқада қолаётган талабалар сони камаяди.
Ижтимоий гуманитар фанлардан дарс бераётган профессор ўқитувчиларнинг бундай машғулотларини видеога олган ҳолда Университетнинг электрон ресурс базасида DVD ёки VCD форматида сақлаш ва кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса шуки, талабаларимизнинг мустақил фикрлайдиган, янада чуқур билимли, маънавиятли, маърифатли бўлишларида янги педагогик технологияларни ўқув жараёнига журъат ва қатъият билан жорий этиш фақат ижобий самара бериши мумкин. Бунда талаба ўз соҳаси бўйича давлат таълим стандартларига тўлиқ жавоб берадиган етук мутахассис бўлиб етишади. Айниқса, бу ривожланиб келаётган Юртимиз Ўзбекистон учун жуда ҳам аҳамиятлидир. Бежизга Президентимиз «Фарзандларимиз биздан-да кучли, салоҳиятли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт», – деб айтмаганлар. Бу шиорни амалга оширишга оз бўлса-да ўз улушимизни қўшсак, бахтиёр бўлардик.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *